05/09/2022
БИЛИМЛАР САРИ ЧОРЛАР БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ
Бугун юртимиздаги барча мактабларда биринчи қўнғироқ жаранглади. Бу қўнғироқ бу йил биринчи марта мактаб остонасига қадам босган болакайлар учун чин маънодаги илк қўнғироқ бўлди.
Туманимизда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилган “Билимлар куни” ўқувчи ёшлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Айниқса, 1-синфга қабул қилинган 3891 нафар болаларга тантанали равишда “Президент совғалари”ни топширилиши болажонларга олам-олам қувонч улашди.
Байрамона руҳда ўтаётган “Билимлар куни” тадбирларида туман ҳокими А.Джурабаев иштирок этди. Тумандаги 43-умумтаълим мактабидаги биринчи қўнғироқ тадбирида ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклади.
2022-2023 ўқув йилида 7-, 20-, 43-сонли умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар янги қурилган ўқув биноларида барча шароитларга эга синфхоналарда таълим-тарбия оладилар.
Тадбирда сўз олган туман ҳокими ўқувчиларни Билимлар куни билан қутлаб, юксак марралар сари дадил парвоз этиб, илм-маърифат чўққиларини забт этишларида омад ва муваффақиятлар тилади. Сўнг туман ҳокими мактабнинг 1-синф ўқувчиларига «Мустақиллик дарси»ни ўтди.
Таълимни ривожлантириш масаласи Президентимиз бошчиликларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг, бугунги кун сиёсатининг бош масаласига айланди. Тадбирда давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида устувор қилиб ажратиб берган 5 та муҳим йўналишнинг биринчиси таълим этиб белгилангани, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидан ҳам таълимни, инсон капиталини ривожлантириш асосий вазифалардан бири сифатида ўрин олганига эътибор қаратилиб, Фарғонада ҳам барча босқичдаги таълимни ривожлантириш бўйича умумвилоят ҳаракатига старт берилгани маълум қилинди.
Туманда жорий ўқув йилида таълим муассасаларига жами 3891 нафар ўқувчилар қабул қилинган бўлиб, уларга 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғалари” тантанали топширилди.
Туманимиздаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган 2-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи К. Кавлонова иштирок этиб 1-синфга қабул қилинган жажжи болажонларга Президент совғаларини тантанали равишда топширди.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилган Мустақиллик дарсида мамлакатимизда мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш борасида эришилган ютуқлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида давлатамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.
Абдураҳмон Нишонов,
Мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.