29/04/2025
Манинг мурожаатим қуйидагича:
Ўғлим Махмудов Давлатжон Учқўприк туманидаги 28-мактаб филиали — 2-Идим мактабида 9-“Д” синфда таълим олмоқда.
2025 йил 25 апрель куни ўғлим мактабга бориб, синфига кирганида ўз ўрнига ўтирмоқчи бўлган. Бир неча синфдоши унга қаршилик қилган. Ўғлим барибир ўрнига ўтирганида, 3 нафар синфдоши уни калтаклашган. Уруш пайтида ўқувчилардан бири телефон билан ўғлимнинг кўз атрофига уриб, жароҳат етказган.
Бу воқеа 3 соат давом этган информатика дарси пайтида, ўқитувчи синфда бўлган ҳолда содир бўлган. Афсуски, ўқитувчи жанжални тўхтатиш ўрнига шахсий телефони билан шуғулланган ва бу ҳолатга бефарқ қараган.
Ўғлим синфдошлари томонидан шифохонага олиб борилган. Мен борганимда ўғлим ранги оқариб, кўз атрофи кесилган ҳолда ётарди. Бирор биринчи ёрдам кўрсатилмаган. Ўғлимнинг юзига 2 тикиш қўйилди. Ўша пайтда информатика ўқитувчиси келиб, “Менга орқада кўзим йўқ” деб жавоб бериб, кетиб қолди. Ҳеч ким аҳволдан хабар олмади.
Ўша куни мактабгача таълим бўлимидаги болалар психологи менга қўнғироқ қилиб, “келишайлик” деди. Мен эса “Қонун томонидан гаплашаман”, деб жавоб бердим.
Ҳозир эса ўғлимнинг устозлари ва синфдошлари шифохонага бориб, унга босим ўтказишмоқда. “Мактабга борсанг, сени тинч қўймаймиз”, деб таҳдид қилишяпти. Ўғлим эса мактабга қайтишдан, ҳатто кўчага чиқишдан ҳам қўрқяпти.
Қонун қаерда? Нега шундай масъулиятсиз раҳбарлар ва ўқитувчилар мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ишлашга йўл қўйилмоқда?
Мен сизлардан — мактабгача таълим бўлими раҳбаридан, мактаб директори ва синф раҳбаридан ҳамда масъулиятсиз информатика ўқитувчисига нисбатан қатъий чора кўришингизни сўрайман.
Ҳурмат билан,
Мелиқузиева Дилоромхон
uz