01/05/2024
КИТОБЛАР - ЕТУКЛИККА ЕТАКЛАР!
30 апрель куни Тошкент шаҳар «Билим” ахборот-кутубхона маркази ҳамда Олмазор туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҚУЁШ маҳалласи кутубхонасида “Мен муваффақиятли аёлман” лойиҳаси доирасида “Китоблар - етукликка етаклар” мавзусида Ўзбекистон халқ артисти Малика Иброхимова ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Доно Бобохоновалар билан ижодий учрашув ўтказилди.
Тадбирда учрашувнинг асосий ташаббускори Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Мехнат шухрати” ордени сохиби Вазира Собирова, Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори Ҳафиза Каримова, МФЙ раиси Фарход Жалилов, маҳалла фаоли Комила Юсупова, нуронийлардан Акмал Бегматов, Республика маънавият ва маърифат маркази Олмазор туман бўлими раҳбари Муаззам Алибаева ҳамда маҳалла фуқаролари, ёшлари иштирок этдилар.
Учрашув жуда қизиқарли, мазмунли ва ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди. Чунки актрисалар ўзларининг ҳаёти, ёшликдаги қизиқарли воқеалар, фаолиятидаги оғир, синоатли, муваффақиятли ва завқли дақиқалар билан ўртоқлашдилар. Айниқса Малика Иброхимованинг ўйнаган ролларидан парчалар, монологлари иштирокчиларни бефарқ қолдирмади. Доно Бобохонованинг “Бозор кўрмаган йигит” асаридаги чиқишларидан парча ҳамда совчилликка боришдаги кулгили воқеаларни жонли тарзда, бевосита залдаги иштирокчи оналар билан бирга ижро этиб бериши барчамизни қалбимизни янада қувончга тўлдирди.
Малика Иброхимова ва Доно Бобохоновалар ҳар иккиси ҳам барча эришган ютуқларнинг калити КИТОБ туфайли эканлигини алохида таъкидладилар. “Бизнинг хаётимиз ва ижодий фаолиятимиз КИТОБСИЗ ўтмайди, албатта КИТОБЛАР - ЕТУКЛИККА ЕТАКЛАЙДИ!”, деб ёшларга мурожаат қилдилар. Барча тадбирга келганлар ўзлари қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди ва ўз навбатида жавоблардан мамнунлик хис этдилар.
Ҳафиза Каримова томонидан учрашувларимиз Тошкент шаҳрининг барча туманларида, маҳалла кутубхоналарида ҳам ташкил этилиши таклифи актрисаларимиз томонидан қўллаб-қувватланди. Ишонамизки, мана шундай маънавият тадбирлари, етук ва буюк шахслар билан ижодий учрашувлар пойтахтимизнинг барча гўшаларида давом этади.