25/06/2023
“ЗУККО БОЛАЖОН” НАМАНГАНДА
23 июнь, 2023 йил.
Маълумки, 30 июнь, мамлакатимизда “Ёшлар куни” сифатида кенг нишонланади. Айни вақтларда эса, юртимиз бўйлаб «Ёшлар ойлиги» давом этмоқда. Мазкур жараёнлар Наманганда ҳам ўзига хос катта тараддуд ва гўзал иқлим шароитида кечмоқда.
Куни кеча ана шу ойлик доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат ва нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими ҳузуридаги Мактабгача таълим Агентлиги ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган “Зукко болажон” тадбири Наманган шаҳрининг “Баркамол авлод” маҳалласида жойлашган 71-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилди.
Маълумот учун айтиш жоиз, ўтган йилнинг 26 октябрь куни айнан Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан “Маданият карвони” лойиҳаси доирасидаги "Зукко болажон" фото-альбомининг тақдимоти Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида янги барпо этилган 46-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган ва лойиҳа иштирокчилари ана шу таълим ташкилотида болажонлар учун яратилган энг замонавий шароитлар, айниқса, у ердаги миллий-маданий иқлим – ёш авлодга халқчил қадриятлар асосида берилаётган таълим ва тарбия жараёнлари билан яқиндан танишишган ва юқори баҳо беришган эди.
"Зукко болажон"нинг бу галги ташрифига мезбонлик қилган 71-сонли ДМТТ ҳам янги барпо этилган ва ўтган йилнинг 7 февраль куни фойдаланишга топширилган эди. Қисқа фурсатларда мазкур ташкилотдаги маънавий-ахлоқий тарбия жараёнлари юқори поғаналарга чиқиб олди. Жамоа ўз даргоҳини сўлим ва яшил гўшага айлантирди. Унга ўзбекона файз киритди. Экилган анвойи гул ва сада райхонлар, айниқса, ҳар қарич ерда барқ уриб турган резаворлар қут-барака нишони. Тарбияда эса, “Моҳир қўллар”, “Паззандачилик”, “Чаққонлар”, “Кулоллар”, “Бувижонлар ибрат мактаби” сингари тўгаракларнинг ижобий самараси яққол кўзга ташланади.
Меҳмонлар карнай-сурнай садоси, боғча тарбиячилари томонидан айтилган лапарлар, айниқса, болажонлар томонидан ёд айтилган шеърлар намойиши остида қарши олинди. Уларга мавжуд тўгаракларнинг амалий кўргазмаси тақдим этилди. Жажжи қизалоқлар миллий таомларни тайёрлаш жараёнини кўрсатиб беришди. Бувижонлар даврасида ибрат ҳикматлари айтилди. Шунингдек, боғчада яратилган шарт-шароитлар таништирилди. Тарбияланувчилар томонидан тақдим этилган концерт барчага хушкайфият бағишлади.
Якунда эса, ўзининг умрини, ҳаётининг ҳар бир дақиқасини дунёдаги энг шарафли ишга бағишлаган ушбу мактабгача таълим ташкилоти ходимларига, уларнинг зукко тарбияланувчиларига шарафлар айтилди. Ўз навбатида энг фаол тарбияланувчи ва тарбиячилар , билан бир қаторда соҳа фахрийлари муносиб тақдирланди.
Айниқса, Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Хилола Юсупованинг мактабгача ёшдаги болаларнинг интелектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишдаги кўп йиллик меҳнатлари Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минхожиддин Ҳожиматов томонидан алоҳида эътироф этилганлиги ва унинг томонидан юборилган “Ташаккурнома” ва эсталик совғасининг ўз эгасига топширилганлиги вилоятимизга ташриф буюрган “Зукко болажон”нинг олимлар, адабиёт ва санъат вакилларидан иборат иштирокчиларининг соҳа ҳаётига берган юксак баҳоси сифатида қабул қилинди.
Саидолим АБДУРАҲМОНОВ, Бошқарма Матбуот котиби
Куни кеча ана шу ойлик доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат ва нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фо...