24/02/2022
ИИВнинг академик лицейлар битирувчиларига берилган
ИМТИЁЗЛАР
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3216-сон қарорига асосан:
Академиянинг бакалавриат дастури бўйича кундузги таълим шаклига қабул квотасининг 90 фоизи бўйича қабул фақат ИИВ академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, ички ишлар органлари ходимлари, шунингдек, профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари орасидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги олий таълим муассасаларига ўқишга киришда ИИВ академик лицейларининг битирувчилари учун уларнинг тест синовлари давомида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча баллар тарзида имтиёзли шартлар назарда тутилади. ИИВ академик лицейларининг битирувчилари вазирликлар ва идоралар раҳбарлари томонидан белгиланадиган тартибда устунлик асосида тегишлича ички ишлар органларига, Миллий гвардиянинг қўриқлаш хизматига ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув бўлинмаларига хизматга қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 апрелдаги “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5076-сон қарорига асосан:
Ички ишлар вазирлиги академик лицейларининг ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадаси ғолиби бўлган битирувчиларининг Академияга ўқишга қабул қилиниши учун фақат махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтишлари етарли ҳисобланади.