05/04/2024
04/04/2024! Бу сана мактабимиз тарихида муҳим кунларнинг бири сифатида муҳрланди. Мактаб ва мактабгача таълим Жомбой туман бўлимига қарашли 36- мактаб ва Самарқанд халқаро технологиялар университети ўртасида меморандум имзоланди.
Тадбирда туман ҳокими Қаюм Собиров ва университет ректори Юсуф Абдуллаев бошчилигида, проректор проф. Анвар Сайфуллаев, проф. Роналд Вайли(АҚШ), Корея технологиялар ва маданият институти декани проф. Сюнгдон Ҳуанг (Жанубий Корея), Хитой энергетика институти декани проф. Чюанг Лию
(Хитой), инжинерлик факультети кординатори проф. Муҳаммад Авад (Канада), ахборот технологиялари кафедраси мудири проф. Муҳаммад Галетий(Ҳиндистон), иқтисодиёт факультетининг декани проф. Браҳим Феззани (Тунис) ва бошқалар иштирок этишди. Бундан ташқари тадбирда учинчи сектор мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари ва ота-оналар ҳам қатнашишди. Тадбирда Қаюм Собиров, битирувчи ёшларга учинчи Ренессанс даврида Янги Ўзбекистонни яратувчилари улар экани, томирларида оқаётган қон буюк бобокалонларидан меърос экани, бугунги ҳаётимизни IT технологияларисиз тасаввур этиб бўлмаслиги ва бу технологиялар асосчиси ҳам буюк бобомиз Ал Хоразмий эканини эслатиб ўтаркан, ўзларини ҳам илм ўрганишга чанқоқликка, умрни беҳуда интернет тармоқларида ўтказмасликка, келажакни яратиш учун бугун ҳаракат қилишга, уйғоқликка чорлади. Тадбирга ташриф буюришган барча профессор устозлар ҳам худди шу мазмунда фикр билдиришди. Ўз соҳалари Ўзбекистоннинг бугунги куни учун қанчалик муҳим экани ҳақида тўхталишди. Жумладан, СХТУнинг асосчиси, ректори Юсуф Абдуллаев университетнинг мақсади, илм ўрганишга чанқоқ, интилувчан ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳақида жўшиб гапирдилар. Учрашув давомида мактаб ўқувчилари ва туман маданият уйи ходимларининг бадиий чиқишлари кечага файз бағишлади. Асосийси мактаб ва олий таълим ўртасида меморандум имзоланди. Меморандум бандларида келтирилган шартлар бажарилиш орқали, умид қиламанки, ёшларимиз орасидан яқин келажакда, юртимиз корига ярайдиган буюк инсонлар етишиб чиқади!
Шу ўринда, мактабимиз марказдан анча узоқ чекка қишлоқда жойлашган бўлишига қарамасдан, ўзларининг қимматли вақтларини аямай, ташриф буюришиб, битирувчи ёшларимизга келажак эшикларини дадил очиб, илдам қадамлар ташлашга ундовчи мотивациялар беришган, азиз меҳмонларимизга, мактаб маъмурияти томонидан чексиз миннатдорчилик билдирамиз.