14/04/2025
Мавзу: Солиқ муносабатларини тартибга солиш
Ўзбекистон Республикаси худудида солиқ муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодекси ва ушбу кодексда тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодекси солиқлар ва йиғимларни белгилаш, жорий этиш ва бекор қилишга, ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашга доир муносабатларни, шунингдек солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Солиқ Кодексининг 3-моддасига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки уларнинг қисмлари Кодекс қоидаларига зид қабул қилинган бўлса ҳужжатни қабул қилган орган ёки унинг юқори турувчи органлари бу ҳужжатни бекор қилишга ёки унга ўзгартиришлар киритишга ҳақли, рад этган тақдирда у суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг вақт бўйича амал қилиши умумий қоида бўйича солиқ солиш солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади.
Бироқ, солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғрисидаги қонунчиликлар орқага қайтиш кучига эга. Шу билан бирга, солиқлар ва йиғимларни бекор қилишни, солиқлар ва йиғимлар ставкаларни камайтиришни, солиқ тўловчиларнинг мажбуриятларини бекор қилишни ёки уларнинг аҳволини бошқача тарзда енгиллаштиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, агар бу солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса, орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкин.
Янги солиқлар ва йиғимлар белгиланишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари эса расман эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ой ўтгач амалга киритилади.
Солиқлар ва йиғимлар тушунчасига тўхталадиган бўлсак, солиқ деганда Солиқ кодексида белгиланган, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ёки давлат мақсадли жамғармасига, яъни бюджет тизимига тўланадиган мажбурий беғараз тўлов тушунилади. Йиғим деганда бюджет тизимига Солиқ кодексида ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбурий тўлов тушунилади, бу йиғимнинг тўланиши уни тўловчи шахсга нисбатан ваколатли орган ёки унинг мансабдор шахси томонидан юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга ошириш, шу жумладан унга муайян ҳуқуқларни ёхед рухсат этувчи ҳужжатларни бериш шартларидан бири бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги солиқлар белгиланади: қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадига даромад солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, ижтимоий солиқ.
Солиқларни солиш принциплар асосида амалга оширилади: солиқ солиш мажбурийлик, аниқлик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги, адолатлилик, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланади.
Солиқ тўғрисидаги қонунчиликда муддатлар мавжуд бўлиб, муддатларни ҳисоблаш тартиби белгиланган. Муддатлар рўй бериши керак бўлган воқеа ёки содир қилиниши керак бўлган ҳаракатни кўрсатган ҳолда календарь сана билан ёки вақтнинг йиллар, чораклар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган ўтиш даври билан аниқланади. Календарь санадан ёки рўй бериши керак бўлган воқеадан кейинги кун солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатни ҳисоблаш бошланадиган кун деб ҳисобланади. Йиллар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги йилининг тегишли ойи ва кунида тугайди, бунда кетма-кет келадиган ўн икки ойдан иборат ҳар қандай вақт даври йил деб эътироф этилади, бундан календарь йил мустасно. Чораклар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги ойининг тегишлим кунида тугайди, бунда чорак уч календарь ойга тенг ҳисобланади, чораклар ҳисоби эса календарь йил бошидан юритилади. Ойлар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги ойининг тегишли санасида тугайди, агар муддатнинг тамсом бўлиши тегишли сана мавжуд бўлмаган ойга тўғри келса, муддат мазкур ойнинг охирги кунида тугайди. Кунлар билан ҳисобланадиган муддат, агар бу муддат календарь кунлар билан белгиланмаган бўлса, иш кунлари билан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг солиқ солиш масалаларига оид халқаро шартномаларини ва халқаро солиқ ҳуқуқининг умумий нормаларини қўллаш Солиқ кодексининг 6-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Хулоса қилиб айтганда солиқ муносабатларни тартибга солиш деганда, солиқлар ва йиғимларни белгилаш, жорий этиш ва бекор қилишга, ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашга доир муносабатлар ҳамда солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ муносабатлар солиқ қонунчилиги билан тартибга солиниши деб тушунилиши лозим.
Андижон вилоят маъмурий
судининг судьяси Д.Халилов
13/01/2025
16/10/2024